Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунё бўйича COVID-19’ни юқтириб олганлар сони 156 117 850 кишига етди. Ушбу кўрсаткич бўйича АҚШ (32,6 миллион), Ҳиндистон (21,4 миллион), Бразилия (15 миллион), Франция (5,7 миллион) ва Туркия (4,9 миллион) доимгидек етакчилик қилмоқда. Глобал ўлимлар сони эса 3 257 754 тага етди.

Вашингтон университети Саломатлик кўрсаткичлари ва баҳолари институти (Institute for Health Mterics and Evaluation — IHME) маълумотларига кўракоронавирус пандемияси бутун дунёда 6,9 миллион кишини ҳаётдан олиб кетган, бу расмий статистикадан икки баробар кўп демакдир.

IHME соғлиқни сақлаш соҳасидаги мустақил тадқиқот ташкилоти бўлиб, аввалроқ Оқ уй ундан манба сифатида фойдаланган эди, ҳисоботларни эса соғлиқни сақлаш соҳасидаги расмий шахслар кузатиб боради.

 

Институт томонидан олиб борилган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, COVID-19 оқибатидаги ўлим ҳолатларининг кўпчилиги тегишли равишда рўйхатдан ўтказилмайди, чунки аксарият мамлакатлар касалхоналарда ёки инфекция тасдиқланган беморларда юз берган ўлимларнигина қайд этади.

IHME’да таъкидлашларича, коронавирусдан ўлим даражасининг расмий кўрсаткичлари кўп жиҳатдан турли мамлакатлардаги тестдан ўтказиш даражасига боғлиқ.

Институт мутахассислари таҳлилни пандемиядан олдинги тенденцияларга асосланган ҳолда барча сабабларга кўра кутилган ўлимларни пандемия оқибатидаги барча ўлимларнинг фактга асосланган сони билан қиёслаб ўтказди.


Молдова президенти Майя Санду 7 май, жума куни коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозасини олди. У AstraZeneca Британия-Швеция вакцинаси билан эмланди.

«Бугун COVID-19’га қарши AstraZeneca вакцинасининг биринчи дозасини олдим. Менда шундай имконият борлигидан хурсандман, чунки ўзимнинг ва мен мулоқотда бўладиган оилам, дўстларим ва ҳамкасбларимнинг саломатлигини айнан шу йўл билан асрайман», — деб ёзди Санду Facebook’да.

У тиббиёт ходимларига коронавирусга қарши курашдаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди ва фуқароларни ундан намуна олишга чақирди.

АҚШ озиқ-овқат ва дори воситалари сифати устидан санитар назорат бошқармаси (FDA) Американинг Johnson & Johnson компанияси ишлаб чиқарган қарийб 70 миллион доза вакцина сифатини текширмоқда. Гап Мериленд штати Балтимор шаҳридаги заводда чиқарилган ва мамлакат ичкарисида тарқатилиши кўзда тутилган партиялар ҳақида бормоқда.

Апрель бошида заводда стандартларга тўғри келмайдиган битта партия аниқланган эди. ОАВларга кўра, завод ишчилари Johnson & Johnson учун мўлжалланган масаллиқларни AstraZeneca вакцинаси масаллиқлари билан аралаштириб юборган, оқибатда 15 миллионта доза яроқсиз ҳолга келган. Энди эса FDA ўша вақтда ишлаб чиқарилган яна 70 миллионта дозанинг сифатига шубҳа қилмоқда.

FDA мутахассислари маълумотларига кўра, вакцина компонентларининг аралашиб кетиши турли препаратлар ишлаб чиқариладиган зоналараро ҳаракатланиш чоғида дезинфекциядан ўтмаган ишчилар туфайли юз берган бўлиши мумкин.

Мальдив ороллари Соғлиқни сақлаш агентлиги 6 майдан мамлакат пойтахти Мале ва унинг атрофида комендантлик соатини жорий қилди. У 21:00 дан 04:00 гача амал қилади.

Курьерлар, шунингдек, шошилинч зарурияти бўлган фуқаролар учун полиция махсус рухсатномалар беради.

Гуруҳ бўлиб спорт билан шуғулланиш тақиқланади, тренажёр заллари, кинотеатрлар ва салонлар 7 майдан вақтинчалик ёпилади.

Мальдив оролларида 5 май куни 700 кишида COVID-19 аниқланган, касалланганларнинг умумий сони эса 32 мингдан ошди.