10 май куни Тошкентда Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Франция тараққиёт агентлиги (FTA) ўртасидаги ҳамкорлик битими тасдиқланди.Ҳамкорлик дастури 2021—2025 йилларга мўлжалланган.

Бу давр оралиғида FTA Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун заёмлар, техник ёрдам ва грантлар кўринишида 1 миллиард еврога яқин маблағни жалб этишни режалаштирган.

Имзoлаш маросими Франциянинг Европа ва ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги ташқи савдо ва иқтисодий жозибадорлик бўйича вакил-вазири Франк Ристер ҳамда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов иштирокида бўлиб ўтган.

 

FTAнинг «Яшил ўсиш ва бирдамлик» мандатига мувофиқ, шунингдек, иқлим бўйича Париж битими доирасида сув таъминоти ва санитария, энергетика ва гидроэнергетика, энергия тежовчи технологиялардан муқобил энергия манбаи сифатида фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги, атроф-муҳит ҳимояси ва барқарор ресурсларни бошқариш, шу жумладан, қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва бюджетни қўллаб-қувватлаш учун заёмлар ажратиш амалга оширилади.

Ўрмончилик ва маҳаллий қишлоқ хўжалигини ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларнинг бирини Орол денгизи минтақасида амалга ошириш кўзда тутилган. FTA унда Европа инвестиция банки билан биргаликда молиялаштирувчи ролини бажаради.

Маълумот учун, FTA 2016 йилдан буён Ўзбекистонда ҳукумат даражасидаги еттита йўналишни амалга оширмоқда. Бунинг ичидан турли секторлардаги лойиҳаларни молиялаштириш (қаттиқ маиший чиқиндилар, санитария, гидроэнергетика, чорвачилик), шунингдек, бюджет молиялаштириши учун заёмлар (иқтисодий ва молиявий бошқарув, энергетика ва иқлим) киради. Шу билан бирга, молиявий мажбуриятларнинг умумий миқдори суверен кредитлар кўринишида 630 миллион еврони ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Франция тараққиёт агентлиги Ўзбекистондаги лойиҳаларга 450 миллион евро сармоя киритиши, Ўзбекистонга бюджетга кўмаклашиш учун 150 миллион евро тақдим этиши тўғрисида хабар берилганди.