Американинг ўйинчоқ машиналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Hot Wheels компанияси Tesla Cybertruck модели ҳамда Cyberquad квадроцикли, шунингдек, пикапни бошқариш учун руль-жойстикка эга жамланмани тақдим этди. Нархи 100 доллар бўлган бутун жамланма харидорларни ўзига жалб этиши керак, деб хабар беради Motor.



Hot Wheels’нинг ўйинчоқ Cybertruck пикапи компания ўтган йили анонс қилгани чекланган модель каби 1:10 масштабда яратилган. Унга квадроцикл қўшиб берилиши, бунинг натижасида жамланма нархи тўрт баробар қимматлашганига қарамай, моделлар тезда сотилиб кетганди.

Эндиликда Hot Wheels электропикапнинг янги версиясини яратди. Компания сайтида кўрсатилишича, ўйинчоқ Cybertruck’нинг максимал тезлиги соатига 19,3 километрга етади — бу 400 долларли модель кўрсаткичидан қарийб икки баробарга кам. Бундан ташқари, пикапнинг фақат орқа ғилдираклари айланади, кузови ҳам деталлар билан бойитилмаган.

Мазкур моделнинг ўзига хос жиҳатлари — ишлайдиган оптика, ҳақиқий Cybertruck рули шаклидаги оригинал жойстик ва 1:10 масштабда яратилган Cyberquad квадроцикли. Квадроцикл пикапдан фарқли ўлароқ, радиобошқарилмайди. Cybertruck аккумуляторлар билан жиҳозланмаган, уч соат қувватлантириш унинг тахминан 25 дақиқа ҳаракатланишини таъминлайди.

Аввалроқ америкалик блогер Tesla Cyberquad электро-квадроциклининг аниқ нусхасини яратгани, яна бир блогер эса Tesla Cybertruck чиндан ҳам ўқ ўтказмаслигини синаб кўргани тўғрисида хабар берилганди.