Лас-Вегасдаги конференц-марказ остида икки йил олдин The Boring Company томонидан лойиҳалаштирилган дунёдаги биринчи тезюрар ер ости туннели ишга туширилди. Америка компаниясининг раҳбари Илон Маскнинг ғоясига кўра, ноёб иншоот ва Tesla электрокарлари ёрдамида тадбир иштирокчилари марказнинг икки четига тезда етиб олиши мумкин. Бироқ аслида вазият кутилганидек бўлиб чиқмади, деб хабар беради Motor.
Loop Transportation System тезюрар туннели ҳақида биринчи бор беш йил олдин маълум бўлганди. Ўшанда Илон Маск ерости трассасини дунёдаги муқобили йўқ инқилобий иншоот деб таърифлаган эди. Tesla электрокарлари ёрдамида Лас-Вегасдаги конференц-марказ ташриф буюрувчилари соатига 200 километр тезликда бинонинг бир қисмидан юзанинг исталган нуқтасига етиб олиши керак бўлган. Қурилиш ишлари бошланганидан икки йил ўтиб, ерости туннели илк меҳмонларини қабул қилди.
Маълум бўлишича, инновацион ерости иншооти 12 метр чуқурликда жойлашган бир томонлама ҳаракатга эга иккита туннелдан иборат. Бутун трасса ўзаро учта станцияни бирлаштиради. Аммо тезлик режими ташриф буюрувчиларнинг ҳафсаласини пир қилган. Ҳайдовчилар ваъда қилинган соатига 200 километр тезлик ўрнига базўр 60 километрдан ортиқроқ ҳаракатлана олган. Шу билан бирга, катта тезликда ҳаракатланишнинг имкони бўлмаган, чунки электромобиллар бир-бирига мунтазам халақит берган.
Омадсиз ишга туширишга қарамай, туннелни қуриш билан шуғулланган The Boring Company фирмаси мутахассислари ерости трассаси соатига 4400 йўловчини ташишга қодирлигини айтмоқда. Бироқ бунинг учун транспорт тизимини кенгайтириш керак. аммо экспертлар лойиҳанинг давом этишига шубҳа билдирмоқда. Чунки Loop Transportation System туннелининг ҳар 1,5 километрини қуриш учун бир миллиард доллар сарфланяпти.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда The Boring Company АҚШ расмийларидан Нью-Йорк ва Вашингтон ўртасида Hyperloop деб номланган ўта тезкор туннел қурилишига рухсат олган эди.