Россия ҳукумати президентнинг чет элликларни эмлаш тўғрисидаги буйруғи устида ишламоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Татяна Голиковага таяниб, «РБК» хабар берди.
«Биринчи бўлиб, аллақачон мамлакатда бўлиб турган меҳнат муҳожирлари ва чет эл фуқароларини эмлаш масалалари кўриб чиқилади», — деди Голикова.
Бош вазирнинг яна бир ўринбосари Марат Хуснуллин ҳукумат қурилиш соҳаси учун мамлакатга меҳнат муҳожирларини олиб киришнинг соддалаштирилган вариантини кўриб чиқаётганини айтди. «Биз ҳозирда меҳнат муҳожирларини етказиб беришнинг соддалаштирилган тартиби ва мажбурий эмлашни амалга ошириш мавзуси устида иш олиб боряпмиз», — деди у.
Хуснуллиннинг сўзларига кўра, меҳнат муҳожирларининг етишмаслиги ҳозирда Россиянинг қурилиш соҳасида асосий муаммо бўлиб қолмоқда. «Бу мамлакатимиз учун жуда катта хатар ва мамлакат иқтисодиётига путур етказишдир, яъни биз ривожланмай қўямиз», — деди у.
Унинг таъкидлашича, маҳаллий аҳолидан фарқли ўлароқ, меҳнат муҳожирлари Россиядаги қурилиш майдончаларида «50 минг рубль учун ўн икки соат ишлашга» тайёр.
4 июнь куни Санкт-Петербург иқтисодий форумининг ялпи мажлисидаги нутқи чоғида Россия президенти Владимир Путин ҳукуматга ой охиригача Россияда чет эл фуқаролари учун пуллик эмлашни ташкил этиш масаласини ишлаб чиқишни буюрди. Унинг сўзларига кўра, аллақачон турли мамлакат ишбилармонлари, жумладан, йирик компаниялар раҳбарлари коронавирусга қарши вакцина олиш учун Россияга махсус ташриф буюришни бошлаган.
Россия тўғридан-тўғри инвестиция фонди раҳбари Кирилл Дмитриэв Россиянинг COVID-19’га қарши «Спутник V» вакцинаси Сан-Маринода «туризм вакцинаси» учун асос бўлиб келаётганини айтди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Михаил Мурашконинг 4 июнь куни аниқлик киритишича, чет элликлар учун коронавирусга қарши эмлаш биринчи навбатда Россияда яшовчи хорижликларга тегишли бўлади. Вакцинацияни уч-тўрт ҳафта ичида ташкил этиш режалаштирилган. Улар учун «Спутник Лайт» қўлланилади, дея таъкидлаб ўтди Мурашко.
Ҳукумат ҳамда бизнес пандемия ва ёпиқ чегаралар туфайли меҳнат муҳожирлари етишмаслиги муаммосига бир неча бор ишора қилган. Хуснуллиннинг сўзларига кўра, қурилиш бизнеси дуч келаётган кадрлар етишмовчилиги ишчи кучи баҳосини 50-100 фоизгача ошишига олиб келди, бу охир-оқибат қурилиш нархига таъсир қилади ва уй-жой нархининг ошишига олиб келади. Март ойида Россиянинг қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Ирек Файзуллин Россияда камида 1,2 миллион қурувчи етишмаётганини айтган.