Аҳоли ўртасида пиёда юриш ва югуришни оммалаштириш учун ишга тушириладиган «Соғлом турмуш тарзи» платформаси алкоголь ва сигарет сотувчиларидан олинадиган махсус йиғим ҳисобига молиялаштирилади. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси хабар берди.
Платформа орқали рўйхатдан ўтган ва кунига 10 минг ҳамда ундан ортиқ юрган Ўзбекистон фуқароларининг электрон ҳамёнларига пул ўтказилади. Платформа 2021 йилнинг 1 июнида тўлиқ режимда ишга тушиши режалаштирилган.
Айнан шу кундан бошлаб тўловлар «Соғлом турмуш тарзи» платформаси ҳисобига тегишли бюджет таснифлаш кодлари асосида очилган шахсий ғазна даромадлари ҳисобварағи орқали тўпланади.
Йиғимлар алкоголь (пиво, ароқ) ҳамда тамаки маҳуслотларининг сотилган ҳажмидан келиб чиқиб, белгиланган тартибда ундирилади. Йиғимлар «Соғлом турмуш тарзи» платформасининг ҳисобрақамига ҳар ойнинг 10-санасига қадар ўтказилади.
Тўловчилар ҳар ойда рўйхатга олинган жойидаги солиқ органларига акциз йиғимининг ҳисоб-китобини солиқ давридан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай топширади.
Йиғимлар мониторинги
Йиғимлар даромад солиғи бўйича харажатлар тоифасига киритилган.
Солиқ органлари солиқ тўловчининг шахсий картасидаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ҳисобланган ҳамда тўланган суммаларини акс эттирган ҳолда, тушумлар ҳисобини юритади.
Аввалроқ Ўзбекистонда 10 минг қадам юрган фуқароларга пул тўланиши ҳақида Президент фармони имзолангани, бироқ ҳукумат қарорида бу тартиб акс этмагани тўғрисида хабар берилганди.