Хитой коронавирус пайдо бўлиши билан боғлиқ ҳолатларни ўрганиш учун халқаро экспертларнинг келишига йўл қўймаса, мамлакат яккалаб қўйилади. Бу ҳақда АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан “Fox News” телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

“Кўплаб давлатлар билан биргаликда Хитойга сиёсий ва дипломатик босим ўтказилиши керак. Агар Чин юрти COVID-19 нинг бошланиш ўчоғини аниқлаш учун халқаро экспертларни ҳудудига киритмаса, изоляциясига олиниши лозим. Ўз навбатида, Хитой бу ишга масъулият билан ёндашиши лозимлигини эслатиб ўтамиз”, дейди Салливан.

Маълумот учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти март ойида коронавируснинг келиб чиқишини аниқлаш учун Ухань шаҳрига ташриф буюрган халқаро экспертлар ҳисоботининг тўлиқ версиясини эълон қилди. Унда вируснинг янги тури одамларга бошқа ҳайвон орқали юқганлиги ёзилган. 

Шунингдек, коронавируснинг лабораториядаги тажрибалар натижасида  келиб чиққани тўғрисидаги фаразлар ҳам мавжуд. Яна бир тахминда эса касаллик совутилган овқатлар билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги айтилган.

Америка Қўшма Штатлари ва яна 13 мамлакат ЖССТ миссиясининг хулосаларидан кўнгли тўлмаганини билдириб, баёнот берди. Улар COVID-19 келиб чиқиши тўғрисида шаффоф тергов ўтказилиши зарурлигини таъкидлаган. АҚШ разведкаси вирусни одамга ҳайвондан ва лабораториядан юққани тўғрисидаги тахминларни илгари суриб келади.

Аввалроқ, олимлар томонидан ўтказилган синовлар натижаси COVID-19 2019 йил декабрь ойида АҚШда пайдо бўлганини кўрсатганди.

Маълумот учун, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги маълумотига кўра, дунё бўйича 179,2 млн нафар инсонда COVID-19 аниқланган бўлиб, уларнинг 163,8 млн нафари даволанган ва 3,8 млн нафари  вафот этган.