Оммавий ахборот воситалари АҚШ миллиардерларининг солиқ тўлашдан бўйин товлагани ҳақида хабар берди. Миллиардерлар орасида Илон Маск, Жефф Безос, Майкл Блумберг, Уоррен Баффетт, Жорж Сорос ва Марк Цукерберг ҳам бор.
Оммавий ахборот воситалари АҚШ миллиардерларининг солиқ тўлашдан бўйин товлагани ҳақида хабар берди. Миллиардерлар орасида Илон Маск, Жефф Безос, Майкл Блумберг, Уоррен Баффетт, Жорж Сорос ва Марк Цукерберг ҳам бор.
Журналистик суриштирувга ихтисослашган ProPublica нашри АҚШ ички даромад хизматининг сўнгги 15 йил ичидаги маълумотларини текширди. Маълум бўлишича, миллиардлаб долларлик фойда олган энг бой америкаликлар хазинага умумий қоидаларга мувофиқ миқдордан анча кам пул тўлаган.
Қайд этилишича, 2014 йилдан 2018 йилгача Forbes рейтингининг 25 етакчиси жами 401 миллиард доллар ишлаб топган. Шу билан бирга, солиқ тўлашдан бўйин товлашни ҳисобга олган ҳолда, ушбу давр учун бадаллар ҳажми атиги 3,4 фоизни (13,5 миллиард доллар) ташкил этган.
Нашр ҳисоботида айтилишича, Amazon асосчиси Жефф Безос 2007 ва 2011 йилларда даромад солиғи тўламаган. Tesla асосчиси Илон Маскнинг даромад солиғи 2018 йилда нолга тенг бўлган. 2014 йилдан 2018 йилгача Маск 13,9 миллиард доллар ишлаб топган ва хазинага 455 миллион тўлаган. Шундай қилиб, эквивалент ставка атиги 3,27 фоизни ташкил этган.
Молиячи Жорж Сорос кетма-кет уч йил давомида федерал даромад солиғини тўламаган, тадбиркор Карл Айкан эса икки марта — 2016 ва 2017 йилларда солиқлардан бўйин товлаган.
Шу билан бирга, минимал «ставка» бўйича рекорд Berkshire Hathaway компанияси раҳбари Уоррен Баффетт томонидан ўрнатилган. Унинг бойлиги 24 миллиард долларга ўсган, унинг ўзи эса 125 миллион даромад ҳақида хабар берган.
Суриштирув муаллифлари ўзларининг материаллари қаҳрамонларидан изоҳ олишга ҳаракат қилди. Блумберг, Айкан ва Баффетт керакли солиқларни тўлаганини айтди. Сороснинг вакили ҳолатни акцияларнинг пасайиши туфайли бизнесмен катта йўқотишларга дуч келгани билан изоҳлади. Безоснинг вакили эса Amazon асосчисининг молиявий маълумотларига изоҳ бермади. Айни пайтда Илон Маск сўровга жавобан сўроқ белгиси (?)ни юборди.