Ернинг ҳарорати 2020 йилда сўнгги 3 миллион йил ичидаги рекорд даражага кўтарилди, бу эса дунё ҳамжамияти олдига иқлим бўйича янги вазифаларни қўяди. БМТ бош котиби Антониу Гутерриш «Петерсберг иқлим мулоқоти» халқаро конференциясида шу ҳақда айтиб ўтди, деб ёзади «РБК».

«2020 йил мисли кўрилмаган об-ҳаво ва иқлим офатларининг яна бир даври бўлди. Карбонат ангидрид концентрацияси яна энг баланд даражага — саноат инқилобидан олдинги кўрсаткичдан 148 фоиз юқорига кўтарилди. Бу 3 миллион йил ичидаги энг юқори кўрсаткичдир. 3 миллион йил олдин Ер ҳарорати 3 даражага, денгиз сатҳи эса қарийб 15 метрга ошган», — деди бош котиб.

Гутерришнинг аниқлик киритишича, 2020 йилда сайёрадаги ҳарорат саноат инқилобидан олдинги даврга қараганда 1,2 даража юқори бўлган. «Бу илмий жамоатчилик томонидан хавфли дея белгиланган 1,5 даража чегарасига яқин. Асрнинг охирига келиб ҳароратнинг 2,4 даражага кўтарилиши кутилмоқда. Биз ҳақиқатан ҳам тубсиз жарлик ёқасидамиз», — деди у.

 

Бош котиб ушбу ҳодисалар дунё мамлакатларининг иссиқхона газларини камайтириш бўйича олиб бораётган ҳозирги ҳаракатлари етарли эмаслигидан далолат беришини таъкидлади. «Агар биз биргаликда иш кўрсак, иқлим ўзгаришининг энг ёмон таъсирининг олдини олишимиз ва COVID-19 пандемиясидан кейинги тикланишдан инсониятни янада тоза ва яшил йўлга тушириш учун фойдаланишимиз мумкин», — деди у.

Гутерриш ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларни XXI асрнинг ўрталарига келиб зарарли газларни нолга етказиш ҳаракатлари учун сафарбарликка, G20 давлатларини эса 2030 йилга келиб газларни 2010 йилга нисбатан 45 фоизга камайтиришга чақирди.

Маълумот учун, Корнелл университети томонидан АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги кўмагида олиб борилган тадқиқотга кўра, иқлим ўзгариши оқибатида қишлоқ хўжалигининг умумий миллий маҳсулдорлиги 1960 йиллардан буён 21 фоизга пасайган. Бундай пасайиш сўнгги етти йил ичидаги маҳсулдорликнинг ўсишини йўқотиш билан тенгдир, дея таъкидлайди олимлар.

Аввалроқ глобал исиш Ерни 35 миллион йил ортга қайтариши, 2100 йилга бориб ёз фасли ярим йил давом этиши ҳақида олимларнинг прогнозлари хабар қилинганди.