Новости про туризм

Ифторликда нега айнан хурмо билан оғиз очилади?

Ифторликда нега айнан хурмо билан оғиз очилади?

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси оғиз очиш учун нима сабабдан хурмо истеъмол қилиниши ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, очликнинг сўнгги соатларида қонда қанд миқдори кўтарилади. Натижада ҳолсизлик, дангасалик, диққатни жамлай олмаслик каби ҳолатлар авж олади. Хурмо эса қондаги қанд миқдорини пасайтиради. Оғиз очиш пайтида қорин очқаб, бадан кўп таом истаб турган ҳолатда хурмо биринчи бўлиб ошқозонга етиб борса, мияга тўқлик ҳиссини жўнатади. Натижада ҳолсизланиб турган ошқозонга енгил ва тез ҳазм бўлувчи мева жойлашади.

Шоҳ Валиюллоҳ Деҳлавий «Ҳужжатуллоҳил балиғо» китобининг «Рўза ҳукмлари» бобида қуйидаги ҳадисни келтирган:

«Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Агар сизлардан бирортангиз оғиз очадиган бўлса, хурмо билан оғиз очсин. Албатта, у баракадир. Агар уни топа олмаса, сув билан ифторлик қилсин. Чунки у покловчидир». (Аҳмад Доримий ривояти).

Айтаманки, инсоннинг табиати ширинликни ёқтиради, айниқса, очликдан сўнг. Жигар ҳам ширинликни хушлайди. Арабларнинг ҳам табиати хурмога мойил. Хурмо муносиб вақтда тановул қилингани учун барака олиб келади».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси хабарида таъкидланишича, хурмо таркибида витамин А, B-1, 2, 3, 5, 6, 9, C, D, K, кальций, темир, фосфор, руҳ, натрий ва марганец сингари комплекс элементлар бор. Ушбу фойдали элементлар ва витаминлар сабаб саратон касаллигини бартараф этади. Хурмодаги калий миқдорининг юқорилиги сабабли асаб тизими ўзига келади.

Бундан ташқари, хурмо чексиз қувват манбаи бўлиб, кун давомидаги чарчоқни чиқаради. Ўпка ишлашини, жигар фаолиятини яхшилайди, юрак фаолиятини ривожлантиради, анемия ва гипертонияда жуда фойдали, иммунитетни кўтаради. Ўзи шира, глюкоза ва сахарозага бой бўлса-да, қанд миқдорини кўтармайди. Аксинча туширади. Бир кунда тўрт донадан истеъмол қилиш тавсия қилинади. Ортиқчаси кўплик қилади.

Хурмонинг 1 донаси, тахминан, 23 калорияга эга бўлиб, озишни истаганлар ширинлик сифатида тановул қилса бўлади. Ҳомиладор ва эмизикли аёлларга энг яхши озуқа манбаи ҳисобланади, шунингдек, стресс ва тарангликни камайтиради.

«Шу ва шунга ўхшаш фойдали жиҳатларни ўзида мужассам этган хурмо меваси ёш-у қарига бирдай мос келади. Фақат уни ҳам меъёрида истеъмол қилиш зарур», — дея қайд этган Ўзбекистон мусулмонлари идораси.

Эслатиб ўтамиз, Саудия Арабистони Рамазон ойи муносабати билан Ўзбекистонга 50 тонна хурмо совға қилди. «Вақф» хайрия жамоат фонди матбуот хизмати ушбу хурмолар республика бўйлаб муҳтожларга беғараз хайрия қилинаётганини маълум қилди.