Исландия пойтахти Рейкявикда 20 майга ўтар кечаси Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен биринчи марта юзма-юз кўришди. Учрашув Арктика кенгашининг вазирлар сессияси доирасида бўлиб ўтди, деб ёзмоқда Meduza.
Учрашув бошида коронавирусга қарши чоралар туфайли анъанавий қўл сиқиш ўрнига Лавров ва Блинкен тирсак уриштириб кўришди. «Харпа» концерт залида уларнинг музокаралари қарийб икки соат давом этди.
Блинкен Лавровга нима деди?
АҚШ давлат департаменти вакили Нед Прай маълум қилишича, музокаралар якунида Блинкен «Россиянинг АҚШ ёки унинг иттифоқчиларига зарар етказадиган ҳаракатларига жавобан Америка фуқароларини ва давлат манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш тўғрисида президент Байденнинг қарорини» яна бир бор қайд этиб ўтди.
Блинкен, шунингдек, Россия америкалик Пол Уилан ва Тревор Ридни озод қилиши кераклигини «очиқчасига билдириб ўтди».
«Давлат котиби Блинкен Россия армиясининг Украинада ва унинг яқинида жойлаштирилиши, «Америка oвози» ва «Озод Европа/Озодлик радиоси»га қарши ҳаракатлари, шунингдек, Алексей Навальнийнинг соғлиғи ва мухолифат ташкилотларига қарши репрессиялари тўғрисида чуқур хавотиримизни билдирди», — деди Прайс
Унинг қўшимча қилишича, икки томон Суриядаги вазият, Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги зиддият ҳамда Эрон ва КХДР ядровий дастурларини тийиш масалаларини ҳам муҳокама қилган.
Бундан ташқари, музокаралардан олдин Блинкен журналистларга Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Жо Байденнинг учрашуви эҳтимол яқин ҳафталарда бўлиб ўтиши мумкинлигини тасдиқлаган.
Лавров Блинкенга нима деди?
Қайд этилишича, Лавров Блинкен билан суҳбатни «конструктив» деб баҳолади. «Аввалги йилларда Москва ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларда вужудга келган носоғлом вазиятни бартараф этиш зарурлиги бўйича тушунча бор. Кўплаб «уйилиб қолган нарсалар» мавжуд. Уларни ёйиб ташлаш осон эмас, мен Энтони Блинкен ва унинг жамоаси бунга қатъий бел боғлаганини ҳис қилдим. Бу масала бизни ҳам бефарқ қолдирмайди», — деди Россия ТИВ вакили Лавров.
Шу билан бирга, ташқи ишлар вазири АҚШ Россиянинг «Қўшма Штатлардаги дипломатик мулкларини рейдерлик билан тортиб олиш тўғрисидаги қарорларини қайта кўриб чиқмаганидан, аксинча, 2017 йилда Россияга қарши, аксилдипломатик янги қарорлар» қабул қилганидан шикоят қилди.
Учрашувдан сўнг дипломат Блинкен билан яна бир қатор «минтақавий можаролар»ни муҳокама қилганини айтди ва музокараларни «жуда фойдали суҳбат» сифатида таърифлади.
Лавров, шунингдек, Путин ва Байден «икки томонлама муносабатларда шубҳасиз носоғлом вазиятни тузатиш бўйича умумий саъй-ҳаракатларнинг навбатдаги қадамларини белгилашига» умид билдирди.