Ўзбекистон Афғонистонда мусулмонларнинг муқаддас ойи — Рамазон якунида нишонланадиган ҳайит байрами муносабати билан эълон қилинган уч кунлик сулҳни олқишлайди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
«Умид қиламизки, ушбу муборак кунларда курашаётган тарафлар томонидан ўт очишнинг тўхталиши Афғонистонда сиёсий тинчлик жараёнини илгари суриш бўйича зарур шарт-шароитларни яратади.
Ўзбекистон Афғонистон халқи билан дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини келгусида ҳам ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш, мамлакатда барқарор ва узоқ муддатли тинчликни ўрнатиш жараёнини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, тинч ва фаровон Афғонистонни бунёд этишда кенг кўламли ёрдам беришга қатъий содиқлигини яна бир бор билдиради», — дейилади вазирлик баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойида АҚШ президенти Жозеф Байден Афғонистондан Америка қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланганини эълон қилган эди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар минтақада уларнинг олдига қўйилган барча мақсадларга эришган. Қуролли кучлар 11 сентябргача тўлиқ чиқариб кетилиши режалаштирилган. Америка ва НАТО мамлакатлари қўшинлари 29 апрелдан чиқиб кетишни бошлаган.
Оқ уй Америка президентининг маъмурияти Тинч океани йўналишига эътиборни жамлашни режалаштираётганини айтди. Айни вақтда АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Афғонистондан қўшинлар чиқариб кетилгач, мамлакатда ҳокимият тепасига «Толибон» жангарилари келиши мумкинлигини истисно қилмади.