Ўзбекистон Мудофаа доктринасида мамлакат ҳудудига хорижий давлат ҳарбий базаси ва объектини жойлаштириш кўзда тутилмаган. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги вакили маълум қилди.
“Мудофаа соҳасидаги асосий ҳужжатларда бу масалага аниқ ва тиниқ жавоб кўрсатилган – Ўзбекистон ўз ҳудудига хорижий ҳарбий база ва объектлар жойлаштирилишга йўл қўймайди”, деган Мудофаа вазирлиги вакили.
Бу тамойил Ўзбекистоннинг 2018 йилда қабул қилинган Мудофаа доктринасида ҳам, Конституция ва 2012 йилда қабул қилинган мамлакат ташқи сиёсат концепциясида белгиланган.
Вазирлик вакили Ўзбекистоннинг мудофаа сиёсати мамлакат қуролли кучларининг тинчликпарварлик операциялари ва чет элдаги ҳарбий можароларда иштирок этмаслик принципига асосланганини қўшимча қилган.
Аввалроқ, “The Wall Street Journal” нашри манбаларига таяниб, АҚШ Афғонистондан олиб чиқаётган аскарларини Ўзбекистон ёки Тожикистонга жойлаштириши мумкинлиги ҳақида ахборот тарқатганди. Вашингтон Афғонистонга зудлик билан ҳарбий контингент киритиш зарурати туғилган тақдирда вақтдан ютқазмаслик учун шундан режани кўриб чиқаётгани айтилган.
Маълумот учун, 2001–2005 йилларда АҚШ Қашқадарё вилоятидаги “Хонобод” аэродромидан фойдаланган. Бироқ 2005 йилда расмий Тошкент талаби билан Вашингтон ҳарбий базасини Қирғизистоннинг Манас авиабазасига кўчирган.
Афғонистон атрофидаги вазият
Жорий йилнинг 14 апрель куни “Толибон” барча хорижий кучларни Афғонистондан олиб чиқиб кетишни талаб қилди.
Жо Байден 11 сентябргача Афғонистондаги барча АҚШ аскарларини мамлакатдан чиқариш ниятида эканини айтганди. Ҳарбийларни чиқариш ишлари май ойидан бошланиши керак.
ОАВда АҚШ ортидан унинг иттифоқчиси Буюк Британия ҳам Афғонистондаги ҳарбий контингентини ортга қайтаришини ҳақида маълумотлар тарқалди. Шунингдек, Грузия ҳам Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқмоқчи эканини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистонда ўлдирилган тинч аҳолининг 43,5 фоизи “Толибон” ҳиссасига тўғри келаётгани ҳақида хабар берилганди.
Кейинчалик, расмий Теҳрон “Толибон” ҳаракатининг Афғонистонда Ислом амирлигини тузиш бўйича режалари тўғрисида хабардорлиги ва бунга асло йўл қўймаслигини маълум қилганди.
Туркия, Покистон ва Афғонистон “Толибон”ни “Афғонистонда барқарор тинчликка олиб келадиган ҳар томонлама музокарали келишувга эришишга” содиқлигини тасдиқлашга чақирди.
Шундан сўнг, Америка Қўшма Штатлари хорижий ҳарбий контингентни олиб чиқиш жараёни доирасида Афғонистондан ҳарбий техникани олиб чиқишни бошлади.